Жаҳон | 22:08 / 28.01.2023
17857
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда пиёз рекорд даражада қимматлади 

Унинг 1 килограмми нархи 11 доллардан ошган. 

Фото: Getty Images

Филиппин қишлоқ хўжалиги департаменти маълумотларига кўра, мамлакатда қизил пиёзнинг нархи бир килограмм учун 650 песога (тахминан 133 минг сўм) етган. Bloomberg маълумотларига кўра, бу уни дунёдаги энг қиммат пиёзга айлантиради. Шу билан бирга, ҳукумат маълумотларига кўра, 2022 йилда Филиппинда рекорд даражадаги пиёз ҳосили олинган. 

650 песо бўлган пиёз товуқ гўштидан уч баробар, мол гўштидан эса чорак баравар қиммат туради. 

2022 йилда Филиппинда 238 минг тонна пиёз йиғиб олинди, ички бозор талаби эса ойига 20 минг тоннага яқин. Январ ойида Филиппин президенти кенжа Фердинанд Маркос Қишлоқ хўжалиги департаментига пиёзни импорт қилишга рухсат беришни буюрди. 

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан кўплаб мамлакатларда кузатилгани каби Филиппинда ҳам озиқ-овқат, ёқилғи ва ўғитнинг нархи осмонга чиқиб кетди. Нархлар шу даража ошди-ки, ҳатто Philippine Air авиакомпаниясининг бир неча стюардессаси Яқин Шарқ мамлакатларидан озиқ-овқат олиб келаётганида ушланди. 

Ҳукумат нархларнинг кўтарилиб кетишида «хасис савдогарларни» айбламоқда. Улар пишиқчилик даврида маҳсулотларни арзон нархда сотиб олиб, сунъий танқисликни юзага келтириб, нархларнинг кўтарилишга сабабчи сифатида кўриляпти. Президент Маркос вазиятни «фавқулодда ҳолат» деб номлаган. 

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳам пиёз нархи ошиб бораётгани, шундан сўнг унинг экспорти вақтинча чеклангани ҳақида хабар берилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабни қондириш учун зарур бўлган қўшимча 37,5 минг тонна пиёзни 1 апрелга қадар ички бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгиланганини маълум қилди.

Мавзуга оид