Жаҳон | 09:23 / 01.07.2022
10645
2 дақиқада ўқилади

Германия канцлери Шольц Калининград атрофидаги инқирозни юмшатишга чақирди

Гап Россиянинг икки қисми ўртасида юк транзити ҳақида кетаётганидан келиб чиқиб, можарони ҳал қилиш муҳим, деди Германия канцлери. Шунингдек, у «НАТО-Россия» асосий акти тўғрисидаги қонун ўз кучини сақлаб қолганини таъкидлади.

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шольц Россия товарларининг Литва орқали Калининград областига транзити билан боғлиқ можарони бартараф этишга чақирди. «Зарур асосли шарт-шароитларни яратиш Европа иттифоқига боғлиқ. Муаммони ҳал қилишда, албатта, гап Россиянинг икки қисми ўртасида товарлар транзити ҳақида кетаётганини ҳисобга олиш керак. Ўйлайманки, барча томонлар кескинликни пасайтириш динамикасини ўрнатишдан жуда манфаатдор», деди у 30 июнь, пайшанба куни Мадриддаги НАТО саммити якунида.

Июнь ойи ўрталарида Литва Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб томонидан Россия Федерациясига нисбатан жорий қилинган санкциялардан келиб чиқиб, бир қатор товарларнинг Калининград областига темирйўл орқали транзитини тақиқлаган эди. Россия бу чекловларни ноқонуний деб атади ва жавоб чоралари билан таҳдид қилди.

Олаф Шольц журналистнинг саволига жавоб берар экан, альянснинг шарқий қанотида НАТО қўшинларини кучайтириш режалаштирилганига қарамай, 1997 йилда қабул қилинган «НАТО-Россия» асосий акти ўз кучида қолаётганини таъкидлади. НАТО ушбу ҳужжат доирасида шарқий қанотда «муҳим жанговар бўлинмаларни» доимий равишда жойлаштиришдан воз кечишга ваъда берган. 

«Бу шартнома мавжуд, у бекор қилинмаган. Бу тўғри, чунки биз уни ҳар сафар очганимизда Россия ўзига қандай мажбуриятларни олганини ўқиб чиқишимиз мумкин, бошқача қилиб айтганда, чегаралар дахлсиз, уларни куч билан қайта тузиш мумкин эмас, давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига олинмайди», - дея тушунтирди Олаф Шольц. 

Мавзуга оид