Жамият | 20:38 / 26.05.2022
25996
4 дақиқада ўқилади

Бу квартиранинг ижара тўлови ойига 30 млн сўмдан кўп — “Inshoot” лойиҳасининг илк сони

Қурилиш ва таъмирлаш – халқимиз энг кўп қизиқадиган мавзулардан. Янги “Inshoot” лойиҳаси ана шу талабдан келиб чиқиб, қурилиш трендлари ҳақида ҳикоя қилади.

Биринчи видеомизда – Тошкент марказида жойлашган, 130 квадрат метр майдонга эга, хариди, таъмири ва жиҳозлаши жами 300 минг долларга айланган HiTech-квартира билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кўплаб ўзбек хонадонларида ўрнатилган дарвозалар, ҳовлидаги устунлар, шифтдаги декорациялар, девордаги гулқоғозлар, полдаги гиламлар, хоналардаги мебеллар, дастурхондаги идишлар ва ҳоказоларни бирлаштириб турувчи бир элемент бор: яққол кўзга ташланиб турувчи ялтироқ безаклар, ҳашамдор ва гулли нақшлар.

Охирги йилларда қурилиш ва таъмирлаш соҳасида бу жимжимадорликнинг буткул тескариси – ҳайтек ва минимализм урфга кирмоқда.

Интерьернинг бу янги йўналиши ҳар қанақа ялтир-юлтурдан холи экани, асосан европача монотон ранглар қўлланиши, сокинлик ва мукаммалликни ўзида акс эттириши, хонадон майдонидан максимал унумли фойдаланиши, энг муҳими – қиммат ва сифатли чет эл қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлатилиши билан ажралиб туради.

Ҳайтек услубида уй қуриш ё таъмирлаш одатдагидан узоқроқ вақт давом этади. Турган гапки, бу йўналишда дизайн хизматлари ҳам арзон турмайди. Хўш, шаҳар марказида жойлашган 100 кв.м.дан ошиқ хонадоннинг ҳайтек услубидаги пардозига ўртача қанча маблағ сарф қилинади?

“Inshoot”лойиҳасининг илк сони шу саволга жавоб беришни мақсад қилди. Биз Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани Марказ-4 даҳасида жойлашган “Дўстлар” турар жой мажмуасида бўлдик.

“Дўстлар” ТЖ мажмуаси “Murad Buildings” компанияси томонидан 2018 йилнинг декабр ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, ўзига хос архитектурага эга. Мажмуанинг ички ва ташқи интерьери ҳайтек йўналишида. Асосий бино 8 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда 2 тадан хонадон жойлашган.

Биз суратга олган хонадон – 7-қаватда. Хонадонни сотиб олиш, лойиҳалаш ва таъмирлашга жами 300 000 доллар сарфланган. Умумий майдони – 130 кв.м.

Хонадон ошхона ва дам олиш хонаси умумийлаштирилган – студия, 2 та ётоқхона ва 2 та ювиниш хоналарига бўлинган. Дизайн лойиҳаси пухта тузилиб, замонавий усулда пардозланган.

Студия ошхона ва дам олиш бурчагига бўлинган, хонада умумий 4 та панорама ойналар ва ички ҳовлига қараган балкон бор. Ошхона ва дам олиш ҳудудини ажратиш мақсадида, студиянинг шифт қисми иккига ажратилган. Хонани ёритишда ҳам декоратив чироқлар, ҳам эффектив ёритиш мосламалари дид билан жойлаштирилган.

Ошхона майдонида барча керакли буюмлар пухта жойлаштирилиб, овқатланиш учун жой ажратилган. Иш столи кварцдан, овқатланиш столи эса шпонланган МДФдан ишланган. Совиткич, иситиш қозони, бойлер ва коллекторлар урфга айланаётган усулда мебел ичига “яширилган”. Идишлар ва турли ошхона анжомларини сиғдириш учун шкафлар ва тортмалар талайгина.

Юмшоқ ҳудуд, яъни дам олиш майдонида трансформация қилинувчи ёрқин рангдаги диван, телевизор ва кондиционер – бир-бирига уйғун кўринишни ҳосил қилган. Телевизор жойланган девор қисман керамогранит билан қопланган. Хонада, шунингдек, ойнали жавон ҳам бор.

Ётоқхонанинг лойиҳаси қиблага эътибор қаратган ҳолда режалаштирилган. Хонада ётоқ, торшер, аёллари пардозжойи, гардероб-зона ва мастер ювиниш хонаси жойлашган. Хонада вертикал радиатор, бежирим пол-тортма, телевизор ва кондиционер ҳам жой олган. Гардероб зонанинг очиқ ҳолдалиги эса – янгилик.

Иккинчи ётоқхона ҳам нейтрал рангларда пардозланган бўлиб, 2 та ётоқ, иш бурчаги ва кийиниш хонасидан иборат.

Пардозлаш давомида кўп қурилиш материаллари хориждан олиб келтирилган. Шу сабабли таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатлари квадратига 700 доллардан, умумий 90 минг долларга борган. Уйнинг тан нархи билан қўшганда 300 минг долларга айланган. Ҳозирда хонадоннинг ижара нархи ойига $2000-3000ни ташкил қилади.

Кўрсатув давомида қурилишга оид шу ва бошқа қизиқарли маълумотларни билиб олишингиз мумкин.

Мавзуга оид