Ўзбекистон | 09:05 / 05.09.2021
4186
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда кардиохирургия бўлими учун янги бино ишга туширилади

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шу йил охиригача кардиохирургия, нейро-қон томир хирургияси ва трансплантология мажмуаси ишга туширилади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кардиохирургия бўлимининг замон талабларига мос, юқори технологиялар билан жиҳозланган операция хоналарига эга 5 қаватли 75 ўринга мўлжалланган биносининг очилиши кутилмоқда. Ушбу мажмуада нейро-қон томир хирургияси ва трансплантология бўлимлари ҳам фаолият кўрсатади.

ССВ матбуот хизматининг қайд этишича, айни вақтда кардиохирургия бўлимида йилига 400га яқин юқори технологик операциялар, жумладан, ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш, кўтарилувчи аортани ҳамда юрак клапанларини тиклаш каби жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

«Дунёнинг сўнгги русумидаги тиббий жиҳозлар билан таъминланган кардиохирургия бўлими мавжудлиги, бу ердаги шароитларнинг янада замонавийлаштирилиши мамлакатимизда энг мураккаб ва ноёб кардиохирургик амалиётларни бепул ва юқори сифат билан бажариш имконини бермоқда», дейилади хабарда.

Ҳозирда марказнинг кардиохирургия бўлими 15 ўринга мўлжалланган бўлиб, кунига иккитадан операция амалиётини бажариш имкониятига эга. Янги бино ишга тушиши билан ўринлар ва амалиётлар сони ҳам ортади.

РШТЁИМ директори Дониёр Алимов

«Таъкидлаш жоизки, марказнинг бир қатор мутахассислари дунёдаги етакчи ихтисослаштирилган кардиохирургия марказларида узоқ муддатли амалиёт ўтаб қайтишди. Шифокорлар Россия, Туркия, Австрия каби давлатларнинг етакчи марказларида таҳсил олиб, у ердаги мутахассислар билан ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган. Бу эса марказимизда ўткир ишемик касалликнинг оғир асоратлари, чап қоринча аневризмаси, чап қоринча дисфункцияси, митрал клапаннинг ишемик етишмовчилигида энг мураккаб аралашувларни жорий этиш имконини берди», — дейди РШТЁИМ директори Дониёр Алимов. 

Келажакдаги режаларда марказнинг кардиохирургия бўлимида экспериментал операцияларни йўлга қўйиб, аорта ва юрак клапанларида минимал инвазив ёндашувни жорий этган ҳолда, бўлимни кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини қўллаш назарда тутилган.

«Сўнгги йилларда марказдаги кардиохирургия хизмати кенг ривожланишга юз тутди, ўтган 5-6 йил ичида 2000га яқин турли хилдаги жарроҳлик амалиётлари бажарилди ва бу ютуқлар нафақат маҳаллий, балки чет эллик мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид