Ўзбекистон | 08:36 / 25.08.2021
3268
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий лицейга кирувчилар қатъий тиббий кўрикдан ўтказилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Темурбеклар мактаби» ва «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейларига ўқишга кираётган (таҳсил олаётган) номзодларни (ўқувчиларни) тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек ДХХ ва Миллий гвардия таркибида ташкил этилган. «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейлари ДХХ тизимида ташкил этилган.

Низомга мувофиқ:

  • номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш учун мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида тиббий комиссиялар тузилади;
  • номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида тиббий комиссиялар тузилади;
  • ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ИИВ ҳузурида ҳарбий-тиббий комиссиялар шакллантирилади.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг шифокор-мутахассисларидан иборат бўлган мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ҳузуридаги тиббий комиссиялар таркиби президентнинг 25.12.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ПҚ-4076-сон қарорида белгиланган тартибда тасдиқланади.

Мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ҳузуридаги тиббий комиссияларнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • руҳий-асаб, тери-таносил касалликлари ва наркологик диспансерлари, фтизиатрия ва пульмонология (силга қарши диспансерлар) ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказларида ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисида олинган маълумотларнинг мавжудлигини текшириш;
  • номзодларни қўшимча текширув ва даволашга йўналтириш, қўшимча текширув ва даволашдан сўнг уларнинг тиббий комиссияга келишларини назоратга олиш;
  • номзодлар соғлиғининг ҳолатига кўра «Темурбеклар мактаби» ва «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейларига ўқишга киришга яроқлилиги ёки яроқсизлиги тўғрисида хулосалар қабул қилиш.

Мавзуга оид