Иқтисодиёт | 16:04 / 17.03.2021
1553
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда «Ёшлар тадбиркорлик ва саноат зоналари» ташкил этилади

Ўзбекистон президенти томонидан «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни ташкил қилиш, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида «Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси» ташкил этиш ва ушбу жамғармага Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 млн доллар миқдорида маблағ ажратиш бўйича топшириқ берилган эди.

Унинг ижросини таъминлаш мақсадида, Урганч шаҳар саноат зонасида 3,2 гектар майдонда, шунингдек, Хонқа туманидаги Қорақош маҳалласида 4 гектар майдонда «Ёшлар тадбиркорлик ва саноат зоналари» ташкил этилади. 

Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилишича, ажратилган ерда ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, уларни ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида бериш режалаштирилган. 

«Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси»дан ёш тадбиркорлик субъекти учун молиявий ресурс 200 минг АҚШ долларидан ошмайдиган миқдорда 5 йил муддатга ажратилади. 

Шунингдек, «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари» ҳудудларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, берилган имтиёзлар натижасида иқтисод қилинган маблағларни тижорат банклари томонидан лизингга ажратилган бинога тўлов учун йўналтириш шарти билан 3 йил муддатга фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқлар 50 фоизидан озод қилинади. 

Ёш тадбиркорлик субъектлари бошланғич тўлов сифатида лизингга бериладиган бино қийматининг 10 фоизлик қисмини тўлайди. Жамғарма ҳисобидан тижорат банкларига ёшлар учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 7 фоиз миқдорида тақдим этилади. Тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 10 фоиз миқдорида амалга оширилади.

«Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни Хоразм вилоятида молиявий қўллаб-қувватлаш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бириктирилган.

«Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»да 500 квадрат метргача ер майдони ажратиш бўйича қарор шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 5 иш куни давомида қабул қилиниши лозим.

Ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш биноларини миллий валютада йиллик 10 фоиз миқдорида 5 йилга лизингга бериш масаласи тижорат банклари томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилиши лозим.

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш 4 босқичда амалга оширилади:

  • ёш тадбиркор инвестиция лойиҳаси ва белгиланган ҳужжатлар тўпламини тижорат банкига тақдим қилади;
  • тижорат банки жамғармадан молиявий ресурс олиш учун буюртманома киритади;
  • жамғарма 10 календар кунида миллий валютада 7 фоиз ставкада, хорижий валютада 2 фоиз ставкада молиявий ресурс тақдим қилади;
  • тижорат банки 5 календар кунида ёш тадбиркорга маблағ ажратилиши ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштиради.

Мавзуга оид