Турк–Хитой экстрадиция келишуви. Туркиядаги уйғурлар ўз эркидан хавотирда
Пекин ва Анқара ўртасида ўзаро хайрихоҳлик мустаҳкамланаётгани билан параллел равишда Туркияда уйғурларнинг терроризмда гумонланиб ҳибсга олиниши ҳолатлари кўпайди.

Истанбул. 2020 йил 1 октябр / Фото: Reuters
Ўн йиллар давомида Туркия уйғурлар учун диний ва сиёсий қатағонлардан асосий бошпана бўлиб келган. Аммо сўнгги вақтларда уйғурларнинг Туркияда ҳибсга олиниши кўпайгани, Пекин билан дипломатик алоқаларнинг яқинлашуви ва экстрадиция келишуви тузилаётгани ортидан, уйғурлар бу мамлакат ортиқ улар учун бошпана бўла олмаслигидан хавотирда, деб ёзади The Wall Street Journal.
Уйғурларнинг Туркияда терроризм билан айбланган ҳолда ҳибсга олиниши бир неча йиллардан бери кузатилаётган бўлса-да, охирги ойларда бундай ҳолатлар кўпайган. Ўхшаш воқеалардан охиргиси 18 январ куни рўй берди: Истанбул полицияси аксилтеррор операция доирасида уч нафар уйғурни қўлга олган.
«Ҳозир хавотирдамиз. Кечалари хотиржам ухлай олмаяпмиз. Илк бор келганимизда Туркия бизни қучоқ очиб кутиб олганди. Ҳозир эса турмуш ўртоғимни яна Хитойга депортация қилишлари мумкинлигидан ҳадикдаман», дейди қўлга олинганлардан бири – Абдулла Метсейдининг рафиқаси Мелике.
24 ёшли Мелике Хитойдан Туркияга 2014 йилда, ўз эътиқодини сақлаб қолиш мақсадида келган. Меликенинг айтишича, у эри билан Хитойнинг Истанбулдаги консуллиги олдида намойишда иштирок этган. Эри эса уч йил аввал Сурияда бўлиб турган укаси билан мулоқот қилган, бу – терроризмда айбланиш учун далил сифатида фойдаланилиши мумкин.
Меликенинг айтишича, офицерлардан бири эрини Хитойга қарши ҳаракатлар олиб борганликда айблаган. Абдулла ҳозирда депортация марказида сақланмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича сўровларга изоҳ бермай келмоқда.

«Касбга ўқитиш марказлари»
Туркияда яшаётган уйғурларнинг аксарияти Хитойнинг шу миллат вакиллари истиқомат қилувчи Шинжон вилоятида олиб бораётган қатағон сиёсатидан қочиб келишган.
Сўнгги йилларда Шинжонда Хитой ҳукумати мусулмон озчилигини доимий таъқиб қилиш мақсадида юқори технологияли кузатув ва лагерлар тизимини йўлга қўйган.
Расмий Пекин дастлаб Шинжонда интернация қилинганлар учун лагерлар борлигини инкор қилиб келган. Кейин эса уларни радикаллашув ва камбағаллашувга қарши кураш учун «касбий ўқитиш марказлари» дея изоҳлашга ўтди.
Аммо Туркияда истиқомат қилувчи минглаб уйғурлар бу изоҳни «сафсата» деб атаб, Шинжондаги лагерларда зўравонликка учраган, вафот этган қариндошлари ҳақида гапириб бера бошлашди.
Хитой ўз ҳаракатларини «террористлар ва диний экстремистларга қарши кураш» баҳонаси билан оқлаб келмоқда.
Туркиядаги уйғурлар Хитойнинг бу ердаги элчихонаси ва консуллиги олдида намойишлар ҳам қилишди. Истанбулдаги консуллик олдида бўлиб ўтган намойиш декабр ва январ ойларида икки ҳафтадан ортиқроқ давом этди, унинг иштирокчилари кундан кунга ортиб борди.

Агар экстрадиция тўғрисидаги келишув кучга кирса, Хитой Туркиядаги уйғурларнинг овозини ўчириб қўйиши, исталган жиноят учун бу сиёсий оппонентларнинг экстрадиция қилинишини талаб қилиши мумкин.
Уйғурлар ҳам Туркияга Пекиннинг таъсири ортиб бориши билан яна Хитойга депортация бўлишларидан хавфсирашмоқда.
Туркия–Хитой муносабатлари
Туркия ўзи учун мақбул инвестор ва кредитор ҳисобланган Хитой билан муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори экани сир эмас.
Мамлакат иқтисодиётида инфляция ва хорижий валютадаги қарз муаммо бўлиб турибди. 2018 йилда, турк лираси АҚШ санкциялари ва бошқа сабабларга кўра қадрсизланаётган чоғда Хитой Саноат-тижорат банки 3,6 млрд доллар қийматидаги кредити билан Туркиянинг жонига оро кирган эди.

Фото: Murat Cetinmuhurdar / Anadolu Agency / Getty Images
Европа ва Осиё оралиғида жойлашгани ҳолда Туркия Хитойнинг триллион долларлик лойиҳаси – «Бир макон, бир йўл» ташаббуси орқали савдо имкониятларига эга бўлишдан ҳам умидвор.
Инфратузилмани кенгайтиришни кўзда тутувчи бу лойиҳа Истанбулдан Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Сион провинциясигача трансмиллий темирйўл ётқизишни ҳам назарда тутади.
Бундан ташқари, COVID-19'га қарши ғарб вакцинаси бир нечта бойроқ давлатлардан ортмаётган бир пайтда, Туркия Хитойнинг Sinovac ишлаб чиқарувчиси 50 млн дозада вакцина етказиб беришига ишонмоқда.
Хитой билан экстрадиция келишувини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 2019 йилда имзолаган. Келишув кучга кириши учун уни Туркия парламенти маъқуллаши лозим. Бу масала яқин вақтлар ичида парламентда овозга қўйилиши кутилмоқда.
«Биз уйғурлардан сиёсий мақсадларда фойдаланмаймиз»
Экстрадиция тўғрисидаги битим кучга кириши эҳтимоли уйғурларнинг сиёсий бошпана борасидаги хавотирларини кучайтирди.

Фото: ADEM ALTAN/AFP via Getty Images.
Тарих ва маданиятдаги умумийлик боис, Туркияда кўпчилик уйғурларга этник турклар оиласининг бир бўлаги сифатида қарайди. Турк ҳукмрон доиралари экстрадиция келишуви «зиёнсиз уйғурлар» экстрадицияси йўлида фойдаланилмаслигини бир неча марта таъкидлаган. «Биз уйғурлардан сиёсий мақсадларда фойдаланмаймиз. Уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз», – деган эди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли декабр ойида мавзуга оид саволга жавобан.
Аммо шунга қарамай, мамлакатда уйғурларнинг терроризм айблови билан депортация қилиниш ҳолатлари ошиб бормоқда. Адвокатлар бу ҳолатлар шаффофликдан йироқ тарзда кечаётганини таъкидлашмоқда. Бу эса турк ҳукмрон доираларининг ишонтиришга бўлган ҳаракатларига шубҳа уйғотади.
Изоляторларда бир йилгача қолиб кетиш мумкин
2017 йилда Истанбулдаги тунги клубга террористик ҳужум бўлганди. Бу ҳужумни Ўзбекистон фуқароси уюштиргани ойдинлашган. Шундан сўнг аксилтеррор рейдлар чоғида турли хорижликларнинг полиция томонидан таъқибга олиниши кучайди. «Аммо улар орасида уйғурлар сони бошқа миллат вакилларига нисбатан нопропорционал тарзда жуда кўп», дейди истанбуллик адвокат Ҳалим Йилмаз.
«Депортация пунктида учта уйғур мижозим сақланиб, кейин озод қилинса, уларнинг кетидан яна уч нафар уйғур мижозим ўша ерда пайдо бўлишини яхши биламан», – дейди Йилмаз. Унинг 30га яқин уйғур мижози терроризмда айбланиб қўлга олинган.
Туркияда терроризмда гумонланган бошқа хорижликлар сингари уйғурлар ҳам иш кўриб чиқилгунга қадар депортация пунктларига юборилади. Ўтган йили 20дан зиёд уйғур миллатидаги мижозга адвокатлик қилган Меҳмет Отаканнинг айтишича, сақлаб турилганларнинг кўпчилиги далиллар йўқлиги боис қўйиб юборилади. Аммо таркибида болалардан тортиб қарияларгача бўлган бу гумондорларнинг изоляторларда сақланиши бир йилгача чўзилиб кетиши мумкин.
Депортация изоляторларига тушган хорижликлар, улар оқлансалар-да, Туркияда яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин ва кейинчалик турк фуқаролигини олиш учун ариза бера олишмайди. «Мамлакатда яшашга қайта рухсат олиш учун эса бир йилдан ортиқроқ овора бўлишга тўғри келиши мумкин», дейди адвокат Иляс Доган.
Доганнинг сўзларига кўра, охирги тўрт ойда ҳибсга олинган ва депортация қилинган уйғурлар сони кескин ошган. Ўтган ярим йилда 100дан зиёд уйғур қўлга олинган.
Адвокатларнинг таъкидлашича, терроризмда гумонланувчилар айнан конкрет жиноятларда айбланишга оид ҳеч қандай тафсилотларсиз ҳибсга олинмоқда. «Ўтган йили уйғур мижозларимдан бири терроризмда ҳеч қандай расмий айблов қўйилмаган бўлса-да, депортация қилинди», дейди яна бир адвокат.
Мавзуга оид

18:07 / 29.06.2025
Туркияда ўрмон ёнғинлари сабаб ўнлаб аҳоли пунктлари эвакуация қилинди

22:25 / 24.06.2025
Тошкент аэропортида қизларни Туркияга фоҳишалик учун жўнатиш билан шуғулланган аёл ушланди

07:23 / 23.06.2025
Туркия: АҚШнинг Эрон ядро иншоотларига авиазарбаси Яқин Шарқда тартибсизликка олиб келади

12:42 / 21.06.2025