Жаҳон | 12:00 / 06.09.2020
2635
2 дақиқада ўқилади

Amazon шубҳали жўнатмалар сабабли АҚШга уруғлар импорт қилишни тақиқлади

Фото: EPA/UPG

Amazon компанияси АҚШга Хитойдаги номаълум жўнатувчилардан ичида уруғлар бўлган минглаб жўнатмалар келаётгани сабабли уларнинг АҚШга импортини тақиқлади. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар берди

Шу сабабли компания бутун дунёдаги хорижий ҳамкорларини ўз қароридан хабардор қилган ва улардан уруғлар таклиф қилган постларини ўчириб ташлашни талаб қилган.

Энди уруғларни онлайн режимда фақат АҚШдаги компаниялар сота олади. Ушбу тақиқловга амал қилмайдиган етказувчилар аккаунтлари ўчирилиши мумкин.  

Дастлаб АҚШнинг бир нечта штати раҳбарияти гап зарарли уруғлар ҳақида бораётган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Нью-Йорк қишлоқ хўжалиги бошқармаси олинган уруғларга тегмасликни ҳамда уларни болалар ва уй ҳайвонларидан узоқроқ сақлашни тавсия қилган.

Кейинроқ АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигида Хитойдан розмарин, ялпиз, лаванда уруғлари жўнатилгани, улар орасида ҳаёт учун хавфли ўсимликлар аниқланмагани маълум қилинган. Вазирликда бу Хитой интернет-дўконларидаги нопок сотувчилар томонидан амалга оширилаётган фирибгарлик бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Улар шу тариқа ўз рейтингини оширган бўлиши мумкин. 

Хитой расмий идоралари бундай жўнатмаларга алоқалари йўқлигини маълум қилишган. Хусусан, Хитой почта хизмати бу масалада АҚШ идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган ва нопок жўнатувчиларни аниқлаш учун шубҳали жўнатмаларни ортга қайтаришни сўраган. 

Мавзуга оид