Ўзбекистон | 10:17 / 07.02.2020
4917
6 дақиқада ўқилади

Харид чекини талаб қилмаслик «яширин иқтисодиёт»га йўл очади - ДСҚ

Харид чекларини талаб қилиб олиш нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олдини олади. Давлат бюджетига солиқ тушуми ошишини таъминлайди

Давлат солиқ қўмитаси харид чекини талаб қилмаслик “яширин иқтисодиёт”га йўл очиши ҳақида эслатма билан чиқди.

Қайд этилишича, харид чекларини талаб қилиб олиш нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олдини олади. Давлат бюджетига солиқ тушуми ошишини таъминлайди.

“Агар сотувчи томонидан чек тақдим этилмаса, албатта, талаб қилиш зарур. Зеро, ҳар бир истеъмолчи савдо шохобчаларидан харид қилган маҳсулоти учун чек талаб қилишга ҳақли”, - дейилади хабарда.

Билдирилишича, 2019 йил 6 сентябрда “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид чеки бермаслик ҳолатларини олдини олиш ҳамда уларни онлайн кузатиш назарда тутилган. Ҳозирда фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларини онлайн-НКМ билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
 
“Онлайн-НКМнинг жорий этилиши харидорга ҳам, сотувчига ҳам бирдай қулайлик яратади. Унинг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами акс эттирилади. Бундан ташқари, QR-код ёрдамида чекдаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти ҳам бўлади. Шунингдек, тадбиркорлик субъекти учун товар айланмаси ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолади. Бир сўз билан айтганда, ортиқча қоғозбозлик ва вақт сарфланишига барҳам беради”, - дея таъкидлайди ДСҚ.

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса юритилиши юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида турли хил ўйинлар ва рағбатлантириш чоралари ҳам жорий этилган. Жумладан, онлайн-НКМ чекларини солиқ органларидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар ўртасида ютуқли ўйинлар ўтказилади. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича маълумот берганлар эса рағбатлантириб борилади.
 
Солиқ хизмати ходимлари амалдаги қонунчиликка кўра, онлайн-НКМдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини текшириб боради. Тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган тартибда назорат харид чеки берилмаслиги беш миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилишига асос бўлади. Ушбу ҳолат бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори ўн миллион сўмга оширилади. 

“Тан олиб айтиш керак, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган фуқаролар ҳам талайгина. Айнан мана шундай фуқароларнинг эътибори туфайли айрим тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий даромадини яширишга уринаётгани фош бўлмоқда. Солиқ органлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида сотилган товар учун чек бермаслик ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келмоқда”, - дейилади маълумотда.
 
Таъкидланишича, 2019 йилда жами 1 минг 953та мурожаат келиб тушган. Улар асосида жойларда текширувлар ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича қонунчилик талаблари асосида тадбиркорлик субъектларига таъсир чоралари кўрилди. Солиқ органларига тушган мурожаатларнинг 1 минг 441таси айнан назорат-касса машинасидан фойдаланиш қоидасини бузиш билан боғлиқ. Яна 512та мурожаат тўлов терминалидан фойдаланишга оид қоидабузарлик сабаб келиб тушган.
 
Уларни ўрганиб чиқиш натижаси бўйича қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 931 та тадбиркорлик субъекти билан профилактика суҳбатлари ўтказилган. Шунингдек, 1 минг 22тасида текшириш ўтказиш бўйича президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга буюртма киритилди. Буюртмалар асосида 2019 йил давомида жами 644та тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширишлар ўтказилди. Уларнинг кўриб чиқиш муддати келган 503тасига жами 3,6 млрд. сўм молиявий жарима қўлланилди.

Бундан ташқари, солиқ органларида мавжуд маълумотлар асосида тегишли лицензиясиз ёки рухсат берувчи ҳужжатсиз иш олиб борган хўжалик юритувчи субъектларнинг ноқонуний фаолиятини олдини олиш бўйича йил давомида жами 623та тадбиркорлик субъекитида назорат ўтказилди. Натижада ноқонуний савдога қўйилган 815,6 млн. сўмлик товарлар олиб қўйилди. 
 
Фармонда 2020 йилда онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ҳам белгиланган. Хусусан, 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтилган тақдирда уни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммаларини кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилади. Бунда камайтириш миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак.

2021 йил 1 январдан бошлаб онлайн назорат-касса машиналарини харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун имтиёз берилмайди.
 
Президент фармонида тадбиркорлик субъектларининг фаолият тури ва айланма маблағига кўра, онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиш муддатлари ҳам белгиланган.

Унга кўра, 2020 йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтди.

2019 йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектларидан эса жорий йилнинг 1 августига қадар ушбу қурилмаларнинг биридан фойдаланишни йўлга қўйиши талаб этилади.

Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2021 йил 1 январ этиб белгиланган.

Қолган барча тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиши лозим. Акс ҳолда бу қонунбузилиш ҳолати сифатида қайд этилиб, тадбиркорлик субъектига қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди