Жаҳон | 11:46 / 22.05.2018
13903
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ учун терроризм ва экстремизм таҳдиди қаердан келаётгани айтилди

Фото: РИА Новости / Григорий Сысоев

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари учун терроризм ва экстремизм хавфи биринчи навбатда Афғонистондан келмоқда, бироқ вазиятга ечим топиш бўйича бир томонлама ҳаракатлар уни янада чуқурлаштиради. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ШҲТ давлатлари Хавфсизлик кенгашлари котибларининг сешанба кунги учрашувида маълум қилди.

"ШҲТга аъзо давлатлар учун терроризм ва экстремизм хавфи биринчи навбатда Афғонистон ҳудудидан келмоқда. Ишончимиз комилки, Ислом республикасидаги вазиятни куч усуллари билан, халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда принципларини четлаб ўтган ҳолда, бир томонлама ҳал қилишга йўналтирилган исталган саъй-ҳаракатлар хавфсизлик учун қўшимча хатарлар уйғотади", - деди Патрушев.

Унинг сўзларига кўра, мамлакати ШҲТга аъзо бошқа давлатлар билан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни афғонларнинг ўзи бошчилигида сиёсий ечим топиш йўли билан тиклаш тарафдоридир.

"26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича анжуман кўп томонлама ўзаро ҳаракатларни кучайтириш лозимлигини тасдиқлади, жумладан ШҲТ доирасида ҳам. Ушбу учрашувни, шунингдек, Кобул жараёни доирасидаги йиғилишни Москва шакли ва “ШҲТ - Афғонистон” гуруҳи доираларидаги маслаҳатлашувларнинг мантиқий давоми, деб ҳисоблаймиз", - дея қўшимча қилиб ўтган Патрушев.

Унинг аниқлик киритишича, афғон масаласи бўйича исталган ташаббуслар минтақа давлатлари манфаатларини ҳисобга олиши ва уларга маълум бир сценарийларни юклаб қўйиш эҳтимолини йўққа чиқариши лозим. "Шу сабабдан Хитой томонининг алоқа гуруҳининг иккинчи йиғилишини Пекинда ўтказиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаймиз", - дея хулоса қилди Патрушев.

Мавзуга оид