Фан-техника | 08:33 / 27.03.2018
4954
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск компанияси уйлар қуриш учун Lego’га ўхшаш ғиштлар ишлаб чиқаради  

Фото: EAST NEWS

Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг маълум қилишича, унинг The Boring Company компаниясининг янги маҳсулоти Lego болалар ўйинчоғидаги бўлакларга ўхшаш, бироқ туннелларни қазиш вақтида олинган тошлардан тайёрланган ғиштлар бўлади.

“Яқин орада The Boring Company’дан янги маҳсулот пайдо бўлади. Бу Lego’га ўхшаш, туннелни қазишда олинган тошлардан ишланган ғиштлар бўлади. Сиз улардан ҳайкаллар ва бинолар барпо этишда фойдаланишингиз мумкин. Улар сейсмик юкламаларга барқарор ва суперкучли. Шу билан бирга уларнинг ичи самолёт қанотидагидек бўш бўлади ва унча оғир бўлмайди”,  деб таърифлаган янги маҳсулотни Маск.

Маскнинг айтишича, бу бўлаклардан цемент ва бошқа боғловчи моддалар қўлламаган ҳолда уйлар қуриш мумкин. Янги маҳсулотнинг моҳияти шундаки, уни Lego конструктори каби йиғиш мумкин.

Маҳсулотнинг илк тўплами Қадимги Мисрга бағишланади: фойдаланувчилар конструктор бўлакларидан эҳромлар ва ибодатхоналар, сфинкслар ҳайкалларини қуришлари мумкин бўлади.

Маск The Boring Company’га ер ости туннелларини бурғилаш ёрдамида йўлдаги тирбандликларга қарши курашиш мақсадида 2017 йилда асос солган. 

Бундан ташқари, компания бошқа буюмлар ишлаб чиқаради. Дастлаб компания кепкалар ишлаб чиқариб, бу орқали 300 минг доллар даромад олганди. 2018 йил фервалда эса компания ўт пуркагичларни сотувга чиқариб, 4 кун ичида улардан 20 минг дона сотган.

Мавзуга оид